• Салат из морская капуста калорийность
    Какое блюдо приготовить на проводы сына в армию
    Салати з кукурузкою
  • Постель 101 долматинец
    Как сделать вкусные котлеты из фарш а
    Дрожжевые пироги видео рецепты

Корейский сериал паста узбек тилида



Корейский сериал паста узбек тилида

... Телевизор савдоси энг узоғи билан 6 ойдан сўнг касодга учрайди. Инсонлар ҳар куни оддий бир қутичага қараб ўтиришга тоқат қилишолмайди... "20th Century Pictures” кинокомпаниясининг асосчиларидан бири Дэррил Занук 1944 йилда телевизорнинг келажагини шундай башорат қилган экан. Башоратнинг аҳволига қаранг. Эҳ, отахон, шу гапингизнинг ҳеч бўлмаса бир қисми ўнгидан келганда борми, соткангизга "пайнет”дан минг сўм ташлаб қўярдим, ўғил бола гап. Сиз айтган ўша қутичага қарашдан ҳеч зерикмаяпти-ку, бу одам зоти. Айниқса, лотин америкаликлар ўйлаб топган "жевачка”дек чўзилувчан сериаллар чиққач, қаторлашиб телевизор олдида ухлаш эпидемияси авж олди. Бугун қўшни қишлоққа қайси йўлдан боришни билмайдиган Мамарайим Касаграндани қаерда жойлашганини-ю, Хиноли Қор қишлоғига қайси автобус боришини бемалол айтиб бера олади. Тарих фанидан нуқул "уч”га ўқийдиган ўқувчилар ҳам бугун Гогўря давлати тарихини сувдек ичиб олган, шу мавзуда диссертация ҳам ёқлаб беради зарурат туғилса. "Ўткан кунлар”даги Кумушни унутганлар "Кумуш” сериали орқали фарзандларига яна Кумуш дея исм қўя бошлашган.

Айтишларича, биринчи Жаҳон уруши ҳақида кино ишлаш ўша урушнинг ўзидан ҳам қиммат тушган экан. Ҳа, киночиларга ҳам осонмас. Сериалшуносларга эса ундан-да мушкул. Айниқса, тарихий давр ҳақида ҳикоя қилувчи сериал бўлса, урди Худо. Корейслар олдин салат ишлаб чиқаришарди. Ҳозирда ёппасига сериал ишлаб чиқаришмоқда. "Қалбим чечаги” номли сериални ишлаб қўйиб, ийманибгина телеканалларимизга узатган қурияликлар томошабинларимизнинг "Ўҳ-ўҳ, дашҳат”, "Синдирди-ей”, "Сериалмисан сериал бўлибди-да”, "Яна борми?” деган олқишларидан илҳомланиб ҳар бир фаслга атаб сериал ишлаб ташлашди ўзиям. "Ёз ифори”, "Куз эртаги”, "Қиш сонатаси”... Фасллар тугаб қолгач, тарихни ўзгартириб, тарихий сериалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди. "Сарой жавоҳири”дан сўнг бошимиз саройдан чиқмай қолди.

Мен сериалларни қораламоқчи эмасман, чунки ишхонадан чиқиб тўғри уйга боришим керак, уйдагилар сериал шинавандаси, уларга қарши чиқолмайман, улар кўпчилик, шунингдек, кечки овқатни Тангемни рецепти асосида тайёрлаб беришади, еган оғиз уялар. Менинг асабимга ўйнайдигани бошқа жиҳат — нега мен ўзимизнинг буюк тарихимиз турганда Корея тарихини ёки маданиятини чуқур ўрганишим керак. Қани эди болаларимиз овқат ейишдан бошқасини билмайдиган коейс қироллари-ю, Жумонгларгамас, довюракликда Де Жо Йонгларни ўтирғизиб қўядиган Широқ, Алпомишларга ҳавас қилса, қизларимиз "Император аёл”ни мас, Тўмарис ҳақидаги сериални томоша қилса. Кўрдик, "Алпомиш” ҳақидаги фильмни ҳам боплашибди. Бир қарасанг Ичон қалъа, бир қарасанг тоғлар пайдо бўлиб қоладими-ей, режиссёрларимизнинг бу иши бор-у, алдагани бола яхши, мақолига ҳам мисол бўла олмайди. Қўл учида қилмасдан Алпомиш ҳақида сериал ишлаб ташламайсизларми, "Рамаяна”часига қилиб. Қисқаси улуғ достонни оёғини осмондан қилиб ташлашган.

"Турмуш чорраҳалари” сериалми?

"Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатувларини йиғиб, "Турмуш чорраҳалари” деб номласа бўлди экан, у бир пасда сериалга айланиб қолар экан. Аввалига мен бу сирдан бехабар эдим. Бир куни ўша пайванд қилинган сериал — "Турмуш чорраҳалари”ни томоша қилиб ўтириб, буханкага тиқилиб қолишимга сал қолди. Чунки кечаги қисмида ижобий қаҳрамон — оддий йигит ролини ижро этаётган актёр бу қисмда отасини ҳам танимайдиган бойвачча бўлиб олиб, дуч келганни "мазгисига” ўйнаяпти. Лотареяда пул ютган бўлса керак, деб кузатишда давом этдим. Одам деган ҳам бир кунда шунақа ўзгарадими, деб энди сўкмоқчи бўлиб турувдим жияним масалага ойдинлик киритди: "Бу алоҳида кино, кечаги билан бир қарич ҳам қариндошчилиги йўқ”.

Исми жисмига монанд — "Қайтар дунё”

"Қашқирлар макони” сериалига ўхшаб кетадиган "Қайтар дунё” сериали тан олиш керак яхши ишланган. Россияда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни Тошкент вилоятида суратга олингани ҳам сезилмаган. Россия ўрмонларида қаҳрамонимизни бир қиз топиб олади, тасодифни қарангки, у қиз ўзимизникилардан бўлиб чиқади. Унинг устига рус миллатига мансуб эри ўзбек йигитига Ҳасаннинг Ҳусанидек ўхшаркан. Лекин сериал яхши, қайта-қайта намойиш этилган бўлса ҳам томоша қилишдан тўймаймиз, чунки ўрнини босадиганни ҳадеганда ишлашмаяпти-да, режиссёрларимиз, шундай экан тугатмаслик керак эди дарров, чўзмайсизларми "Санта-Барбара” ёки "Маҳобҳорат”га ўхшатиб.

Чала туғилган ғоялар

Бир пайтлари "Кўнгил кўчалари”, "Домла”, "Чархпалак” деган яхши сериалларимиз бўлган. Лекин шулар ҳам камчиликдан ҳоли бўлмаган. Баъзилари қизиқ жойига келганда чала қолиб кетганми-ей. Баъзиларида актёрлар алмашиб кетган, худди анаву ҳиндларнинг бир сериали бор-ку, "Икки тақдир” деган. Бу сериални кўриб, ҳиндлар сериал соҳасига аралашмагани яхши экан деган қарорга келгандим. Шунақа ҳам савияси паст сериал бўладими, актёрларнинг ичида бир нафар ҳам жиддийси йўқ, бири қачон қарасанг сақич чайнаган, Самир дегани бир кун аблаҳликлар қилади, бир кун одамларга яхшилик қилами-ей, қисқаси санъат чиқиндисидан бошқа нарса эмас. Энг ёмони, шу сериални ҳам мухлислари пайдо бўлди.

Хулоса

Хабарингиз бор, "афсонавий” "Эсмеральда” яна соғинган мухлислари билан дийдорлашиш мақсадида хонадонларимизга қайтди. Мелисио, юзи қўтир дўхтир каби образлари гапирганда одамни миллионлаб асаб толаларини ўлдирадиган шундай сериаллар учун ажратилган эфир вақтини оқлайдиган "Навоий”, "Юлдузли тунлар”, "Ичкуёв”, "Қутлуғ қон”, "Баҳор қайтмайди”, "Кеча ва кундуз”га ўхшайдиган томошабинга маънавий озуқа берадиган сериаллар яна ишланса эди, хориж сериалларидан қочиб, хонасига қамалиб олган зиёлилар яна телевизор қаршисида ўтириб, мароқли ҳордиқ олишармиди?! Юрагида ўти бор режиссёрларимиздан, продюсерларимизни даврага таклиф қиламиз... йўғе, узр-узр, улардан умид қилиб қоламиз.

Маълумот:

Тарихдаги энг узун сериал

"Йўл кўрсатувчи чироқ” ("Guiding Light”) сериали дунё тарихида энг узоқ давом этган сериал ҳисобланади. Ушбу сериал нақ 72 йил давом этган. Дастлаб 1937 йилнинг 21 январ куни радиода эфирга узатила бошланган, 1952 йилдан бошлаб NBC телеканалида давом эттирилган сериал ўтган йили ўз ниҳоясига етди. Ҳар битта қисмида оилавий икир-чикирлар, турмуш ташвишлари, ғаройиб криминал ҳикояларидан ташкил топган сериал сўнгги пайтларда томошабинларини деярли йўқотганди. Воқеалар Спрингфайлд шаҳарчасида бўлиб ўтади. Турли йилларда минглаб актёрлар иштирок этган сериалда Кевин Бэкон, Калиста Флокхарт каби машҳур актёрлар ҳам роллар ижро этган. 15 762 қисмли ушбу сериал дунёнинг энг узун сериали унвонини қўлга киритди.

"Санта – Барбара” ҳам чаккимас

Узоқ давом этган сериаллардан яна бири «Санта-Барбара»(АҚШ) сериали 1984 йилнинг 30 июлида бошланган бўлиб, 1993 йилнинг 15 январ куни тугаган. Жами 2137 та қисмдан иборат. Россиянинг "Россия” телеканали 1992-2002 йилларда ушбу сериални 217-қисмидан 2040-қисмигача намойиш қилган

Источник: http://uzkinozal.com/news/tarikhdagi_ehng_uzun_ser...